СП АО Электрокимёзавод » Янгиликлар » СИФАТНИ БОШҚАРИШ ТИЗИМИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА

СИФАТНИ БОШҚАРИШ ТИЗИМИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА

СИФАТНИ БОШҚАРИШ ТИЗИМИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДАМустақилликнинг 20 йили ортда қолди. Гарчи бу тарих учун қисқа давр бўлса-да, эришган ютуқларимиз билан фахрлансак арзийди. Бир қатор нуфузли халқаро ташкилотларга аъзо бўлиб кирган мамлакатимизда тараққиёт дастурининг ўзига хос "ўзбек модели" тизими яратилди. Барча соҳаларда иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилди, мулкдорлар синфи шаклланди. Бир пайтлар хомашё етказиб берувчи аграр республикамиз қисқа вақт ичида саноати ривожланган давлатга айланди. Бугун ички бозоримизни тўлдириб улгурган рақобатбардош маҳсулотларимиз жаҳон бозорини ҳам забт этмоқда. Мухбиримиз Навоий вилоят синов ва сертификациялаштириш маркази давлат корхонаси директори ўринбосари Йўлчи РЎЗИЕВ билан корхоналарда сифат тизимини жорий этиш хусусида суҳбатлашди. - Йўлчи Ҳайитович, хусусий мулкчиликнинг рағбатлантириб борилиши, тадбиркорликка кенг йўл очиб берилаётганлиги туфайли маҳсулотларимиз сифати жаҳон талаблари даражасига кўтарилмоқда. Вилоятда бу борада олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталсангиз. - Бугун вилоятимиз ишлаб чиқарувчилари стандартлаштириш бўйича ИСО халқаро ташкилоти сифат сертификатларини қўлга киритиш учун астойдил ҳаракат қилишмоқда. Чунки юртимизга илғор, замонавий технологияларнинг кириб келиши, кўплаб корхоналарнинг модернизация қилиниши натижасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга талаб кучайиб бораётганлиги сир эмас. Бугунги кунда НКМКга қарашли Марказий кон бошқармаси, Зарафшон заргарлик заводи, Навоий машинасозлик заводи ишлаб чиқариш бирлашмаси, "Қизилқумфосфорит" комбинати, "Қизилқумцемент" ОАЖ, "Навоийазот" ОАЖ, "Электрокимё" қўшма корхонаси АЖ, "Пахтасаноат" ХАБ, "Ванғози агро-экспорт" МЧЖ, "Бентонит" МЧЖ, "Амантайтау" қўшма корхонаси, "Қизилқум саховати" чет эл корхонаси ҳамда "Навоийдонмаҳсулотлари" ОАЖ корхоналари аллақачон ИСОнинг сифат сертификатларини қўлга киритганлар. Эндиликда бошқа корхоналарда ҳам сифатни бошқариш тизимини жорий этишга киришилди. - Маълумки, Навоий эркин индустриал-иқтисодий зонанинг ташкил этилиши билан ҳудудда кўплаб қўшма корхоналар фаолият бошлаб юборди. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар жаҳон бозорида ўз ўрнини топиб бораётганлиги сир эмас. Шу тўғрида маълумот берсангиз? - Албатта, ҳозирги пайтда иш бошлаб юборган бу корхоналар мустақил юртимиз иқтисодиётига муносиб улуш қўшмоқда. Шу кунларда Корея давлати билан ҳамкорликда иқтисодий зонада ташкил этилган "UzEraeCole" қўшма корхонаси масъулияти чекланган жамиятида Корея ва Италия давлатида ишлаб чиқарилган энг замонавий ускуналар ўрнатилди. Бу ерда автомобилсозлик саноати учун зарур бўлган 19 турдаги сим проводлар ишлаб чиқарилаётир. Маҳсулотларнинг сифат ва харидоргирлигини таъминлаш, ишлаб чиқариш суръати ҳамда самарадорлигини ошириш, иш фаолиятини мувофиқлаштириш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида корхона раҳбарияти томонидан ИСО 9001 халқаро стандарти талабларига асосан сифат тизимини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бунинг учун зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиб, шу ойда сертификатлаштириш амалга оширилади. Шунингдек, "UzEraeAlter¬nator" қўшма корхонаси, "UzMinda", "Полиэтилен қувурлар", "Полипропилен қувурлар" шуъба корхоналарида ҳам сифатни бошқариш тизимини жорий этиш ишлари бошлаб юборилган. Жорий йилнинг 9 ойида марказнинг "Ўлчаш воситаларини давлат метрологик текшируви" бўлими томонидан 47757 дона ўлчов воситаси кўрикдан ўтказилиб қиёсланди. Шундан 3874 таси яроқсиз топилди. 505 та синов ускунаси метрологик аттестацияланди. Шу даврда корхона ва ташкилотларга 273 миллион 113 минг сўмлик хизмат кўрсатилди. Олинган даромадлар кўрсаткичи 160 фоизга бажарилди. Метрология соҳасини ривожлантириш мақсадида қиёслаш лабораториясини замонавий намунали ўлчаш воситалари билан таъминлаш учун АҚШнинг Artvik, inc компаниясидан 22 минг 959 еврога "МС-5R" русумли кўп функцияли калибратор, Тошкент шаҳридаги "GRAND MASAN ENGINEERING" МЧЖдан 225 миллион сўмга "КАСКАД-2П" русумли маиший сув ҳисоблагичларини қиёслаш қурилмаси сотиб олиш учун шартномалар расмийлаштирилди. Бухоро шаҳридги "Тарози стандарт сервис" МЧЖдан 985 минг сўмга электрон мирометр олинди. Метрологик хизмат турларини ва аккредитация доирасини кенгайтириш мақсадида ўтган ҳисобот даврида 3 турдаги ўлчаш воситаларини қиёслаш ўзлаштирилди. Юқорида қайд этилган ускуналар харид қилингач, вилоятимизнинг олис туман ва шаҳарларида яшовчи аҳолига яна қулайлик яратилади, яъни хонадонларга бориб ҳисоблагичларни қиёслаш йўлга қўйилади. Бир сўз билан айтганда, экспортчи мамлакатлар сафига интилар эканмиз, маҳсулотларимизнинг жаҳон бозорида мустаҳкам ўрин эгаллаши учун курашишимиз талаб этилади. 

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

МАҚОЛАЛАР АРХИВИ

ЯНГИЛИКГА ОБУНА БЎЛИШ

ИШ ТАРТИБИ

ФОЙДАЛИ ҲАВОЛАЛАР

CЎРОВНОМА